Доналд Трампнинг айтишича, пайшанба куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган йиғилишда Тинчлик кенгашига аъзо давлатлар Ғазо секторини қайта тиклаш ва гуманитар ёрдам учун 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратишини эълон қилади.
Tramp Truth Social тармоғидаги саҳифасида 19 февраль куни Вашингтондаги Доналд Ж. Трамп номидаги Тинчлик институтида йиғилиш ўтказилишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур маблағ Ғазодаги тиклаш ишлари ва аҳолини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Шунингдек, у аъзо давлатлар “ғазоликлар хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлаш” мақсадида Халқаро барқарорлаштириш кучлари ҳамда маҳаллий полиция таркибига минглаб ходимлар юборишга ваъда берганини билдирди.
Трамп Тинчлик кенгашини “чексиз салоҳиятга эга” тузилма дея баҳолаб, ўтган ой Давосда унинг ташкил этилиши нишонланганини эслатди. Унга кўра, кенгашнинг асосий мақсади нафақат Ғазода, балки кенгроқ миқёсда тинчликни мустаҳкамлашдир.
Баёнот Индонезия Ғазога 8 минггача аскар юбориши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида янгради. Аввалроқ Оқ уй Ғазо бошқарувини назорат қилиш учун «технократик» миллий қўмита тузилганини маълум қилган эди.
Маълумотларга кўра, икки йил давом этган уруш оқибатида Ғазодаги инфратузилманинг катта қисми вайрон бўлган. БМТ ҳудудни тиклаш харажатларини тахминан 70 миллиард долларга баҳоламоқда.


