ЮНEСКО экспертлари иқлим ўзгариши туфайли тоғ музликлари ва қор қатламларининг тез эриши дунё бўйлаб икки миллиарддан ортиқ одамни сув ва озиқ-овқат таъминотисиз қолдириши мумкинлигини огоҳлантирмоқда. Тоғли ҳудудлардаги музликлар қишлоқ хўжалиги учун муҳим бўлган дарёлар ва сув омборларини озиқлантиради. Уларнинг йўқолиши сув танқислиги ва қурғоқчиликни кучайтиради.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра суғориладиган ерларнинг учдан икки қисми тоғли ҳудудлардаги сув манбаларига боғлиқ.
Ривожланаётган мамлакатларда ушбу ҳудудларда яшовчиларнинг ярмидан кўпи аллақачон озиқ-овқат танқислигига дуч келмоқда.
АҚШнинг Колорадо дарёси ҳавзаси сўнгги 20 йил ичида мисли кўрилмаган қурғоқчиликка учраган.
2025 йилги Жаҳон сув ҳисоботига кўра, музликларнинг йўқолиши рекорд даражага етган:
- Шарқий Африкада музликлар 80 фоиз қисқарган.
- Анд тоғларида музликларнинг ярмидан кўпи йўқолган.
- Алп ва Пиреней тоғларида эса музликларнинг 40 фоизи эриб кетган.
Олимларнинг таъкидлашича, музликлар ўрнига тушаётган ёмғир суви тупроққа сингиб кетмай, тез оқиб кетади, бу эса қурғоқчилик, қор кўчкилари ва сув тошқинларига сабаб бўлади. Бундан ташқари, музликларнинг эриши метан газининг ажралишига олиб келади, бу эса глобал исишни янада тезлаштиради.
Мутахассислар тоғли ҳудудлардаги чучук сув ресурсларини ҳимоя қилиш чораларини кўришни талаб қилмоқда. Агар бу муаммо ҳал этилмаса, музликларнинг эриши дунё бўйлаб сув ва озиқ-овқат инқирозини чуқурлаштириши мумкин.


