"Толибон" делегацияси қочқинлар масаласини муҳокама қилиш учун тезторада Туркияга келади. Бу ҳақда Афғонистон қочқинлар масалалари вазири ўринбосари Муҳаммад Арсалу Хорутий маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, турк ҳукумати билан ўтган сўнгги музокаралар бу ташрифга сабаб бўлган.
"Делегациямиз қочқинларни қайтариш, улар дуч келадиган муаммо ва чақириқлар масалаларини батафсил муҳокама қилади", — деган Хорутий.
Туркиядаги афғон қочқинлари сони аниқ эмас. Айрим маълумотларга кўра, улар 120 мингни ташкил этади. Охирги етти ойда Анқара 40 минг афғонистонликни депортация қилган.
Аввалроқ БМТ толибларни барча террорчи гуруҳлар билан алоқаларни узишга чақирганди.


