1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Толибон янги жиноят кодексини қабул қилди: қуллик ва жисмоний жазо қонунийлашди

Мамлакат амалда 8-9-асрлар ҳуқуқий тизимига қайтмоқда.

Толибон янги жиноят кодексини қабул қилди: қуллик ва жисмоний жазо қонунийлашди

 

Rawadari инсон ҳуқуқлари ташкилотининг маълумотларига кўра, Афғонистонда Толибон томонидан янги “Толибон судларининг Жиноят кодекси” қабул қилинди. Ташкилот қайд этишича, ҳужжат айрим нормалар орқали қуллик, жамиятнинг касталарга бўлиниши ҳамда айрим ҳолатларда имом рухсати билан қотилликка рухсат берилиши мумкин бўлган тартибларни мустаҳкамлаши ҳақида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

 

Маълум қилинишича, ҳужжат Толибон етакчиси Мулла Ҳайбатуллоҳ Охундзода томонидан имзоланган бўлиб, у уч бўлим, 10 боб ва 119 моддадан иборат. Кодекс аллақачон мамлакат вилоятларига амалиётга жорий этиш учун юборилган.

 

Ташкилот маълумотига кўра, кодексда адвокат ёллаш, сукут сақлаш ёки зарарни қоплаш каби процессуал ҳуқуқлар аниқ назарда тутилмаган. Шунингдек, минимал ёки максимал жазо чегаралари белгиланмаган. Далил сифатида асосан иқрорлик ва гувоҳ кўрсатмалари қабул қилиниши кўзда тутилгани қийноқ қўлланиши хавфи ортишига сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

 

Ҳужжатда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ нормалар ҳам акс этган. Жумладан, 30-модда ўқитувчиларга болаларга нисбатан жисмоний зўравонликни синиш, тери шикастланиши ёки кўкаришга олиб келадиган ҳолатларгача тақиқлаши кўрсатилган, бироқ бошқа турдаги зўравонликлар алоҳида кўрсатилмаган.

 

32-моддага кўра, хотинига оғир тан жароҳати етказган эркакка 15 кунгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин, аммо бу фақат судда исботлангандагина қўлланади. Шу билан бирга, 34-модда эрининг уйини рухсатсиз тарк этган аёл ҳамда уни қайтаришдан бош тортган қариндошлари учун уч ойгача қамоқ жазоси белгиланишини назарда тутади.

 

Кодексда диний озчиликларга нисбатан тартиблар ҳам белгиланган. 2-модда фақат ҳанафий мазҳаби издошларини мусулмон сифатида тан олиши қайд этилган. Таҳлилчиларга кўра, бу бошқа диний ва мазҳабий гуруҳлар учун ҳуқуқий ҳимоя масаласида саволларни юзага чиқариши мумкин.

 

14-модда айрим ҳолатларда имом рухсати билан “ёлғон эътиқодларни тарғиб қилувчи” шахсларга нисбатан ўлим жазоси қўлланиши мумкинлигини назарда тутади. 17-модда диний қоидаларни “масхара қилиш” учун икки йилгача қамоқ жазосини белгилайди. 26-модда эса айрим ҳолатларда мазҳабни ўзгартириш учун жиноий жавобгарликни кўзда тутади.

 

Ҳужжатда жамиятнинг ижтимоий қатламларга бўлиниши ҳам акс этган. 9-моддага кўра, бир хил жиноят учун жазо шахснинг ижтимоий мақомига қараб фарқланиши мумкин.

 

Шунингдек, кодексда «қул» тушунчаси бир нечта моддаларда тилга олинган. Айрим бандларда жазолар қулларга ҳам татбиқ этилиши ҳамда айрим жисмоний жазолар хўжайин томонидан амалга оширилиши мумкинлиги қайд этилган.

 

Кодекс Толибон ҳокимиятига қарши норозилик ва танқид билан боғлиқ нормаларни ҳам ўз ичига олади. 19-модда тақиқланган ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай тақиқларни танқид қилиш учун жавобгарликни назарда тутади. 23-модда Толибон етакчиларини ҳақорат қилиш учун жисмоний жазо ва қамоқ жазоси қўлланиши мумкинлигини белгилайди.

 

24-модда эса фуқароларни режимга қарши чиқаётган шахслар ҳақида хабар беришга мажбур қилади, акс ҳолда икки йилгача қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.

 

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ушбу кодекс халқаро ҳуқуқий стандартлар, жумладан айбсизлик презумпцияси, қонун олдида тенглик ва тўлиқ ҳимоя ҳуқуқи каби тамойиллар билан боғлиқ масалаларни юзага чиқараётганини таъкидламоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика