Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Ангор тумани прокурори суҳбати акс этган аудиоёзувлар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги бу бўйича муносабат билдирди.
Унга кўра, ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Ангор тумани прокурори билан бўлиб ўтган мулоқоти, дея айтилаётган аудиосуҳбат турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Таъкидланишича, аудиоматериал шу йилнинг февраль ойида ҳокимлик соатида бўлиб ўтган муҳокамадан кесиб олиниб, бошқача талқин қилинган.
Асл ҳолатда йиғилишда кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамаси жараёнида вилоят раҳбари Ангор тумани сектор раҳбарларидан туманнинг инвестиция, экспорт ва солиқ тушумлари бўйича йўл қўйган хато ва камчиликларини танқидий муҳокама қилиб, танбеҳ берган. Шу жумладан, туман прокурорига ҳам. Мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган.
«Агар ушбу йиғилиш жараёнидан кесиб олиниб монтаж қилинган ва турлича талқин этилаётган аудиоматериалдаги ҳолатлар ўрганиш натижасида қонунга хилоф деб топилса, қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилишига тайёрлигини маълум қиламиз», — дейилади муносабатда.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар мазкур ташкилот томонидан ўрганилмоқда.
Ушбу аудиоёзув ижтимоий тармоқлар орқали блогерлар орасида ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, Муҳрим ёзяпти (таҳрирланмаган):
"Боя Омбудсманнинг биринчи ахборотини кўрганимдаёқ, улар бу ахборотини ё изоҳсиз таҳрирлашга, ё раддия беришга мажбур бўлади, деб ўйлагандим. Чунки матндаги қийноқлар ҳақидаги гапни ҳар хил талқин қилиш мумкин эди. Шундай бўляпти ҳам: ОАВ уни жамоатчилик кутганидек талқин қиляпти, Омбудсман эса эҳтиёткор талқинни танлаяпти.
Лекин скриншотдаги каби ақл ўргатишларига борман-да. Шунақа вазиятларда ташкилотларимиз жуда ақлли: «Аҳоли ва фуқаролар ўртасида ишончсизлик ва умидсизлик кайфиятини юзага келтириш».
Ишончсизлик нима? Масалан, бирор расмий ахборот берилса, одамлар унга ишонмаслиги, «булар барибир алдайди, аслида бошқача бўлган», деб ўйлаши. Умидсизлик-чи? Масалан, мурожаат қилиш мумкин бўлган ҳамма инстанцияларга мурожаат қилиб, бирор натижа чиқмагач, шиорлардаги ёрдам ҳақидаги гаплар унга ҳам тааллуқли эканига ишонмай қўйгач, ўз-ўзига ўт қўйиш. Менимча".
Зафар Солижонов қуйидаги изоҳ қолдирди:
"Лекин муносабатда Боболов талон-тарожликда гумондор сифатида ушлаб турилган шахсларни (ваколати бўлмасада) нега қўйиб юбор дегани ҳақидаги жумлаларга изоҳ йўқ.
Шунингдек, Бош прокурорга қўнғироқ қилиб, ишдан олдириш билан қўрқитган пўписасига тушунтириш ҳам бермаган."
Ўзбекистонда раҳбарларнинг қўл остидагиларни омма олдида уятли сўзлар билан таҳқирлаши биринчи марта бўлаётгани йўқ. Бироқ ҳеч бир ҳақоратланган оғзи бузуқ раҳбарни судда берганини эшитмадик. Гарчи у қонун ҳимоячиси бўлса ҳам. Овозли хабар ижтимоий тармоққа сиздирилсагина мутасаддиларнинг пайтавасига қурт тушиб қолади ва текшир-текширлар бошланади. Нима бўлган тақдирда ҳам биз инсон шаъни улуғланган, унинг қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун турадиган жамиятда яшаймиз. Демак, қонунлар ҳамма учун баробар бўлиши керак.


