Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистонда биринчи бўлган роботлаштирилган қаҳвахона — Robo Coffee очилди. Мазкур лойиҳа нафақат аэропорт ҳудудида, балки бутун мамлакат миқёсида қаҳва хизматига замонавий технологияларни жорий этган илк ташаббус сифатида эътироф этилмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар бермоқда.
Қаҳвахонада ичимликлар робот-бариста томонидан тайёрланади. Танланган ичимлик турига қараб, қаҳва 1,5 дақиқадан 3 дақиқагача бўлган вақт ичида тайёр бўлади. Менюда 20 га яқин классик ва муаллифлик ичимликлари мавжуд бўлиб, мижозлар ҳатто ўз суратлари туширилган махсус дизайнли қаҳвани ҳам буюртма қилишлари мумкин.
Тўлов тизими ҳам қулай шаклда йўлга қўйилган: мижозлар нақд пул, банк карталари ҳамда электрон тўлов тизимлари орқали ҳисоб-китоб қилишлари мумкин. Қаҳвахона ускуналари Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиб, у юқори тезлик ва сифатли хизмат кўрсатишга мўлжалланган.


