Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропортида Озарбайжон Республикаси фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар қилди.
6 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропортида “Тошкент-Баку” йўналишидаги йўловчиларни рўйхатга олиш устунининг олдида Озарбайжон Республикаси фуқароси М.З. аэропорт ходими Р.Якубовнинг огоҳлантиришига қарамасдан, полиетилен пакетларда 4 блокдан жами 12 блок “HEETS” электрон тамаки маҳсулотларини Озарбайжон Республикасига юборишга уринган. Шундан сўнг электрон тамаки маҳсулотлари ҳужжатлаштириб олинган.
Суриштирув ишлари жараёнида М.З. келгусида ҳар бир “Тошкент-Баку” рейсида электрон тамаки маҳсулотларини жўнатиш учун шароит яратиб бериш, тўсиқларсиз аэропорт ҳудудига кириш, унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича чора кўрмаслик ҳамда олиб қўйилган 12 блок тамаки маҳсулотларини қайтариб бериш учун 200 АҚШ доллари беришини маълум қилган.
7 сентябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида М.З. аэропорт ходимига 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ушланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.


