Тошкент халқаро аэропортида икки аёл ёш қизларни Таиландга ишга жойлаштириш баҳонаси билан фоҳишаликка олиб кетмоқчи бўлган вақтида ушланди. Ушбу жиноят қизлардан бирининг мурожаати асосида тезкор тадбирлар натижасида фош этилди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.
Аниқланишича, гумонланувчилар қизларнинг ишончига кириб, уларни хорижда ишга жойлаштириш номи остида келгусида улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш учун шерикларига юбориб, даромад орттирган.
Биринчи гумонланувчи Телеграм орқали жабрланувчи билан боғланиб, унга Таиландда клубда раққоса бўлиб ишлашни таклиф қилган. Қиз рози бўлганидан сўнг, унга яна бир танишини ҳам ишга таклиф қилиши мумкинлигини айтган ва иккаласи учун авиачипталар олинган. Жабрланувчилардан бири ички ишлар органларига мурожаат қилган ва гумонланувчилар Таиландга раққосаликка, кейинчалик фоҳишаликка юбориш ниятида эканлигини маълум қилган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчилар қизларни Тошкент-Бангкок рейси орқали юбормоқчи бўлган пайтда қўлга олинган. Дастлабки суриштирувлар натижасида қизларнинг Таилландда Бурак исмли шахсга топширилиши режалаштирилгани аниқланган.
Ҳозирда Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан гумонланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган ва уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ, Жиззахда танишини Таилландга фоҳишалик билан юбормоқчи бўлган 18 ёшли қиз ушлангани хабар қилинган эди.


