Тошкент кимё-технология олийгоҳида “Илғор муҳандислик” мактаби ташкил этилишидан мақсад кимё саноати учун амалиётга йўналтирилган, халқаро талабларга жавоб берувчи муҳандис-технологларни тайёрлашдан иборат. Бугун ёш кадрлар орасида Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек:
“Иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур”.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган “Интеллектуал кимё технология тизимлари” деб номланган мактабнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Мактаб Чирчиқ кимё-индустриал технопарк ҳудудида жойлашган. Икки йилга мўлжалланган таълим жараёнида талабалар бевосита саноат корхоналарининг тадқиқотларида иштирок этади, бу ҳақда очилиш маросимида айтиб ўтилди.
Очилиш маросимида давлат ва тармоқ идоралари раҳбарлари, етакчи олийгоҳ делегациялари, шунингдек “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхоналар вакиллари иштирок этди. Тадбир доирасида Тошкент кимё-технология институти профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари тақдирланди, шунингдек олийгоҳ ва саноат корхоналари ўртасида янги ҳамкорлик битимлари имзоланди.
Тадбир мобайнида “Илғор муҳандислик мактаби” фаолияти кимё саноатида трансформация онтологиясини — рақамли, экологик ва технологик янгиланиш йўналишларини йўлга қўйиш, саноат корхоналарининг долзарб муаммоларига амалий ечимлар ишлаб чиқиш, энергия тежамкор ва экологик хавфсиз технологиялар яратишга қаратилгани таъкидлаб ўтилди.
Мактаб ҳузурида полимерлар технологияси, композицион материаллар, нодир металлар, нанокимё, технологик жараёнларни моделлаштириш, шунингдек ресурс тежамкор технологиялар бўйича замонавий лабораториялар ташкил этилган.
Университет мазкур етакчи хорижий олийгоҳлар билан ҳам ҳамкорлик ўрнатган бўлиб, улар қуйидагилар:
— Томск политехника университети;
— Россия кимё-технология университети;
— Венгриянинг “Обуда университети”;
— Милан политехника университети.
Ҳамкорлик нафақат қўшма таълим дастурларини, балки амалиёт, профессор-ўқитувчилардан таълим олиш имконияти ҳамда қўшма илмий лойиҳаларни ҳам ўз ичига олади.
Муҳандислик мактаби ўз олдига қуйидаги йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлашни мақсад қилган ва барча шароитларга эга:
— неорганик моддалар ва минерал ўғитлар кимёвий технологияси;
— технологик жараёнларни автоматлаштириш ва моделлаштириш;
— кимё ва озиқ-овқат маҳсулотларининг технологик жараёнлари ва қурилмалари;
— камёб ва нодир металлар;
— силикат материаллар технологияси муҳандислари.
Саноат буюртмаси асосида танлаб олинган талабалар икки йил давомида касбий кўникмаларини реал лойиҳалар орқали мустаҳкамлайди. Муҳандислик мактабининг муҳим бўлимларидан бири — конструкторлик бўлими бўлиб, талабалар унда янги лойиҳалар яратади, саноат корхоналарининг технологик муаммоларини моделлаштиради.
Тадбир мобайнида сўзга чиққан Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов олийгоҳда ҳар йили малакали муҳандис-магистрантлар тайёрланишини таъкидлади.
Шунингдек, тадбир мобайнида сўзга чиққан “Ўзкимёсаноат” инженери Евгений Александрович қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди. Инженер олийгоҳда тайёрланаётган кадрлар самарали фаолият олиб бориши учун технологик шароитлар яратилганини, янги авлод мутахассислари учун нафақат замонавий билим, балки машғулотлар интеграциялашганини таъкидлади. Шу билан бирга “Ўзкимёсаноат” АЖ мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Тошкент кимё-технология институтида магистратура босқичи ҳам мавжуд бўлиб, дастур қуйидаги йўналишларни қамраб олади:
— кимёвий технология йўналишининг бир нечта ихтисосликлари;
— технологик жараёнлар ва аппаратлар;
— юқори молекулали бирикмалар;
— ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш.
Илғор муҳандислик мактабининг очилишидан кўзланган мақсад — Ўзбекистон кимё саноатини модернизация қилиш, илмий салоҳиятини ошириш ва саноат учун юқори малакали муҳандис кадрларни тайёрлашдан иборат.
Шунингдек, тадбирда М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг Чирчиқ шаҳри филиали ректори Дария Пернешовна Кожамжарова ҳам сўзга чиқди. У янги ташкил этилган мактаб фаолиятига омад тилаб, Тошкент кимё-технология олийгоҳида илғор муҳандислик мактабини ташкил этиш тарихий воқеа эканини таъкидлади. Шунингдек, ушбу масканда таҳсил олувчи ёшлар кимё саноати ва турдош соҳалар ривожига хизмат қилишини алоҳида қайд этди ҳамда хорижий ҳамкорлар ва “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Тадбирда шунингдек Россиянинг Томск политехника университети Кимё ва биотиббиёт технологиялари илмий-тадқиқот институти директори Трусова Марина Евгеньевнага ҳам сўз берилди. У таклиф учун миннатдорлик билдириб, мактабнинг ташкил этилиши муҳим воқеа эканини таъкидлади ҳамда ҳамкорлик учун ўз миннатдорлигини билдирди. Янги ташкил этилган “Интеллектуал кимё технология тизимлари” мактабида тезроқ ва кўпроқ натижаларга эришилишини истаб, унинг ривожи йўлида омад тилади.
Тадбир доирасида ТКТИ профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари тақдирланди, шунингдек олийгоҳ ва саноат корхоналари ўртасида янги ҳамкорлик битимлари имзоланди.


