Тошкент шаҳри йўлларида ҳаракат тезлигини ошириш бўйича янги таклифлар муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда 12 август куни ўтказилган халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элмурад Алимов маълум қилди.
Тақдим этилган таклифга кўра, Бунёдкор, Себзор, Аҳмад Дониш, Тошкент ҳалқа йўли ҳамда Янги Ўзбекистон кўчаларида транспорт воситалари учун рухсат этилган юқори тезлик меъёри 80 км/соат қилиб белгиланади. Шунингдек, шаҳар бўйлаб 12 та кўчада бир томонлама ҳаракат йўналиши жорий этилиши режалаштирилган.
Мазкур ташаббус йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларни камайтириш ва ҳайдовчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида, маҳаллий ва халқаро тажриба таҳлили асосида илгари сурилган.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 апрелдаги қарорига мувофиқ, шаҳар ҳудудларида рухсат этилган тезлик аввал 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилган эди.


