Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси япон комиксларидан бирининг қаҳрамонларидан илҳомланган «Рёдан» халқаро ёшлар ҳаракати ҳақида ота-оналарни огоҳлантирди.
Маълумот ўрнида, «Рёдан» япон анимация санъати мухлислари томонидан ташкил этилган бўлиб, дастлаб ўсмирларни қизиқишлари бўйича бирлаштиришни мақсад қилган. Болалар севимли қаҳрамонларни муҳокама қилиб, уларга ўхшашга интилиб, орқасида ўргимчак расми ҳамда 4 рақами бўлган катакли шим ва футболкаларни кийиб олишган.
Бироқ, вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлган. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг «тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш» орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олган. Бунинг оқибатида, тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошлаган.
Айни пайтда «Рёдан» ҳаракати томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар Россия, Украина, Беларус ва бошқа давлатларда қайд этилган. Жанжаллар иштирокчиларнинг турли даражадаги тан жароҳати олиши, мулкка зарар етказилиши, кўплаб маъмурий ва жиноий ишларнинг қўзғатилишига олиб келган.
Тошкент шаҳар ИИББ биз юртимизда бундай оқибатларнинг олдини олишимиз кераклигини таъкидлаб, ота-оналардан арзандларига эътиборли бўлиш, уларнинг қизиқишини ўрганиш, айниқса, субмаданий қизиқишларига бефарқ бўлмасликни сўрамоқда.
«Фарзандларингиз ҳаётига, уларда кечаёган ўзгаришларга бефарқ бўлманг: улар билан дўстона муносабатда бўлиш орқали қизиқишларини, иштиёқини муҳокама қилинг, шу йўл билан уларнинг фикрини ўрганасиз ва уларда бўлаётган ўзгаришларни сезиш имконингиз ошади», дейилади хабарда.


