Республика бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тезкор тадбир ўтказилди. Натижада Яшнобод туманида яшовчи, 1999-йилда туғилган, аввал судланган шахс ва Тошкент вилояти Қибрай туманида истиқомат қилувчи 2006-йилда туғилган фуқаро қўлга олинди. Улардан 507 дона “Прегабалин” ва 52 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди. Бу ҳақда Zamon.uz’га ДХХ хабар берди.
Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, гумонланувчилар томонидан ижарага олинган хонандон кўздан кечирилди. Мазкур манзилда яширин нарколаборатория ташкил этилгани аниқланиб, 4 кг 326 грамм кукун кўринишидаги “Прегабалин”, 200 грамм “Тропикамид”, 71 кг кимёвий моддалар ҳамда қадоқлаш учун мўлжалланган флакон ва капсулалар мусодара қилинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу моддаларни сотиш режалаштирилгани аниқланиб, 208 минг дона бир марталик дозанинг аҳолига тарқалишининг олди олинди.
Бошқа ҳолатда эса ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистон Республикасидан олиб келинган 30 килограммдан ортиқ “опий” моддаси тўхтатиб қолинди. Гиёҳвандлик воситаси аввал судланган, 1968-йилда туғилган шахс бошқарувидаги “Cobalt” русумли автомашинанинг ёқилғи баки ичида яширилгани аниқланди. Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.


