1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Тошкент ва Андижонда йирик нарколаборатория фош этилди

Тезкор тадбирда 26 кг мефедрон ва қарийб 1,5 тонна прекурсорлар мусодара қилинди.

Тошкент ва Андижонда йирик нарколаборатория фош этилди

 

Тошкент ва Андижон вилоятларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрланган йирик нарколаборатория фаолияти фош этилди.

 

Божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари вакилларидан иборат махсус тезкор гуруҳ дастлаб Тошкент вилоятининг Зангиота туманида кузатувга олинган шахсни тўхтатиб текширган. Текширув вақтида унинг ёнидан 0,13 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси топилган.

 

Тезкор тадбир давомида ушбу шахснинг кўрсатмасига асосан Тошкент катта ҳалқа йўлининг Зангиота туманидан ўтувчи қисмидаги омбор кўздан кечирилди. Натижада у ерда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда қўлланиладиган 900 литр прекурсор сақланаётгани аниқланган.

 

Кейинги тезкор ҳаракатлар Андижон вилоятида давом эттирилиб, яна икки нафар шахс кузатув остига олинган. Улар яширин жойларга кўмилган 100 литр суюқ ва 25 килограмм кукун кўринишидаги прекурсорларни олиб, Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласидаги дала ҳовлига олиб боргани аниқланган.

 

Мазкур дала ҳовли холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда яширин нарколаборатория ташкил этилгани фош бўлди. Текширув давомида дала ҳовлидан 26 килограмм «мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳамда 590 литр турли кимёвий прекурсорлар топилган.

 

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу шахслар ижтимоий тармоқларда «Саймон» лақаби билан танилган шахс кўмагида 15 минг 800 АҚШ долларига дала ҳовлини сотиб олиб, нарколаборатория ташкил қилган.

 

Тезкор тадбирлар якунида жами 26 килограмм мефедрон, қарийб 1,5 тонна прекурсор ва кимёвий моддалар, шунингдек, наркотик тайёрлашда фойдаланилган махсус анжомлар ашёвий далил сифатида мусодара қилинди. Ҳолат юзасидан тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Маълум қилинишича, йил бошидан буён божхона органлари томонидан республика бўйлаб 200 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ҳамда 27 килограмм психотроп моддалар ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика