Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида соғлиқни сақлаш, энергетика ва таълим соҳаларида фаолият юритувчи бир нечта мансабдор шахс порахўрлик билан қўлга олинди.
Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг масъул ходими махсус тиббий таъминот базасида сақланаётган тиббиёт буюмларини сохта ҳужжатлар орқали сотишга уринган. У харидор билан 57 880 АҚШ долларига келишиб, олдиндан 40 000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Жиззах вилоятида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Жиззах филиали Шароф Рашидов тумани электр таъминоти бўлими бош муҳандиси «Энергосавдо» корхонаси туман бўлими назоратчиси билан тил бириктириб, якка тартибдаги тадбиркорнинг М-39 халқаро автомагистраль йўли бўйида жойлашган ер майдонига электромобилларни қувватлантириш шохобчаси ташкил этишига рухсат бериш эвазига 90 миллион сўм олган вақтида ушланди. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми “в, г” бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиззах вилоятида ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида Наманган шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирининг директор ўринбосари абитуриентларга олий таълим муассасаларига киришда кимё ва биология фанларидан миллий сертификат олиш бўйича имтиҳон саволлари ва жавобларини мансабдор танишлари орқали етказиб бериш эвазига 20 000 АҚШ доллари талаб қилгани аниқланди. У 8 000 АҚШ доллари ва 156 миллион сўм олган вақтида қўлга олинди. Ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.


