Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида бир оиланинг уч нафар аъзоси номаълум этиологияли модда таъсирида заҳарланди. Бошланғич маълумотларга кўра, 68 ёшли аёл ва 8 ёшли қиз туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган. 12 ёшли бола эса шифохонага ётқизилиб, ҳозирда даволанмоқда. Бу ҳақда Zamon.uz'га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Тиббиёт бирлашмаси маълумотига кўра, барча беморларга “номаълум модданинг таъсиридан заҳарланиш” ташхиси қўйилган. Ҳозирча модданинг қайси турга мансублиги аниқланмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилди. Текширув давомида заҳарланиш сабабларини аниқлаш бўйича қўшимча экспертизалар тайинланган.


