Атмосферага зарарли ташламалар чиқараётган манбаларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида махсус комиссия томонидан рейд тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. Навбатдаги тунги рейд 29 январь куни Тошкент вилоятида ўтказилиб, иссиқхоналар фаолияти атрофлича ўрганилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Рейд давомида Тошкент туманида 7 та, Зангиота туманида 10 та, Қибрай туманида 7 та, Янгийўл туманида 11 та ҳамда Юқори Чирчиқ туманида 4 та иссиқхона фаолияти текширувдан ўтказилди. Асосий эътибор чанг-газ тозалаш ускуналарининг техник ҳолати ва уларнинг амалда қўлланилишига қаратилди.
Ўрганиш жараёнида Тошкент туманида жойлашган иссиқхоналардан бирида носоз фильтрдан фойдаланилаётгани аниқланиб, иссиқхона эгасига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қолган хўжаликлар масъулларига эса экологик талаблар бўйича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, барча иссиқхона хўжаликларига чанг-газ тозалаш ускуналаридан соз ҳолатда фойдаланиш, уларни доимий мониторинг қилиб бориш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди. Масъул идоралар маълумотига кўра, бундай рейд тадбирлари кейинги кунларда ҳам давом эттирилади.


