Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ҳудуддаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва қимматбаҳо металларнинг ноқонуний савдосига алоқадор жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида кенг кўламли тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда Zamon.uz'га ДХХ хабар берди.
Оҳангарон тумани, Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида амалга оширилган тадбирлар давомида 9 нафар фуқаронинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилди. Натижада таркибида қимматбаҳо металл мавжуд бўлган жами 17,5 тонна қум ва тошлар, уларни қайта ишлашда фойдаланилган турли асбоб-ускуналар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, текширувлар жараёнида 135 грамм олтин, 25 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситаси, 1 дона ов қуроли ҳамда 42 дона ўқ-дори ҳам мусодара қилинган. Аниқланган барча ашёвий далиллар тегишли экспертизага юборилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Унинг якунлари бўйича қонунчилик доирасида тегишли ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.


