Тошкент вилоят прокуратураси Қибрай туманида ер қонунчилигига оид қонунбузарлик ҳолатларини аниқлади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, “Д.М” хусусий корхонасининг расмий ва норасмий раҳбарлари “С.И” МЧЖга тегишли 1 гектар майдондаги иссиқхонани қайта реконструкция қилишга “рухсатнома” олиб, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкасида қурилиш ишларини бошлаб, суғориладиган экин майдонини муомаладан чиқарган ва 1 029 млн сўм зарар етказган.
Бундан ташқари, корхона раҳбари бир вақтнинг ўзида “С.И.” МЧЖ ва “Д.М.” ХК раҳбари бўла туриб, ушбу жамиятларнинг норасмий раҳбари Б.И. билан биргаликда “Агрокимёҳимоясервис” МЧЖ балансидаги 4,13 гектар ер участкасининг 0,75 гектар қисмида қурилиш ишларини бошлаб, 774 млн сўм миқдорда зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан “С.И.” МЧЖ ва “Д.М.” хусусий корхонасининг расмий ҳамда норасмий раҳбарларига Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан иш қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


