Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ходимлари ҳамкорлигида мамлакатда криминал вазиятни барқарорлаштириш, ташкил этилган жиноий гуруҳлар ва наркотик воситалар савдосига қарши 20 январдан бошлаб кенг кўламли тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uzga хабар берди.
Жумладан, Тошкент вилояти, Чиноз туманида ўтказилган тадбирда Бекобод шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган шахс, илгари наркотик воситалар савдоси билан боғлиқ жиноий жавобгарликка тортилган, шартли харидорга 200 г «гашиш» моддасини 50 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Тезкор тадбир давомида ушбу шахс 6,9 млн сўмни 1989 йилда туғилган ҳамшаҳарига берган пайтида у ҳам ушланиб, унинг ёнидан 500 г «гашиш» моддасига эга бўлинган. Улар Жиноий кодекснинг 273-моддаси 5-қисми билан айбланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бошқа ҳолатда эса, Бекобод туманида Соbalt автомашинасида йўловчи сифатида кетаётган, 1973 йилда туғилган Тошкент шаҳри фуқаросининг ёнидан 600 г «опий» модда топилган. Шахс ушбу наркотик воситани Бекобод шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган танишидан 5 минг АҚШ доллари ва 5 млн сўмга сотиб олгани аниқланган.
Натижада, Бекободлик наркосавдогарнинг яшаш хонадонидан 1 кг 47 г «опий» ва унинг икки жиноий шеригидан 335 г «опий» моддас топилган. Аниқланишича, ушбу наркотик воситалар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган. Улар Жиноий кодекснинг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан айбланмоқда.
Тезкор тадбирлар давом этмоқда ва жиноятчиликка қарши кураш доимий назорат остида амалга оширилмоқда.


