Бўка ва Китоб туманларида йўл таъмирлашдаги талон-торожликлар фош этилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишча, Департаментнинг Бўка туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда “Бўка тумани йўллардан фойдаланиш” УК масъул шахслари томонидан туман ҳудудидаги йўлларни таъмирлашда амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 266,8 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинганлиги аниқланган.
Шунингдек, Китоб туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Китоб тумани йўллардан фойдаланиш” УК бош ҳисобчиси С.К. ва бошқалар туман ҳудудида амалга оширилган йўлларни таъмирлаш ишлари учун ишчиларга тўланиши лозим бўлган пулларни смета ҳужжатларига жорий иш ҳақи сифатида киритишган бўлса-да, 176,4 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.


