Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ўтказилган назорат тадбирлари давомида табиий газдан йирик миқдорда ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Текширув жараёнида "Гўзал" МФЙ ҳудудида жойлашган уйга ёндош бинода қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цех фаолият юритаётгани маълум бўлди.
Аниқланишича, мазкур қандолат цехи лойиҳа-техник ҳужжатларсиз ҳамда газ таъминоти корхонаси билан тегишли шартнома тузмасдан, табиий газ тармоғига тўғридан-тўғри уланган. Бу ҳолат амалдаги қонунчилик талабларига зид экани қайд этилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний газ истеъмоли оқибатида етказилган моддий зарар 5 млрд 22 млн сўмни ташкил этган. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилиши кутилмоқда.


