1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Тошкентда 7 мингга яқин фуқаронинг шахсий маълумотларини қўлга киритиб, фирибгарлик қилган шахс ушланди

Гумондор Телеграм орқали “имтиёзли ютуқ” ваъдаси билан фуқаролардан пул ундириб келгани аниқланган.

Тошкентда 7 мингга яқин фуқаронинг шахсий маълумотларини қўлга киритиб, фирибгарлик қилган шахс ушланди

 


Тошкент шаҳрида ахборот тизимларидан фойдаланиб, фуқароларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритган ва фирибгарлик йўли билан пул ўзлаштирган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

 

Маълум қилинишича, 1995 йилда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида туғилган шахс Фарғона вилояти ИИБ ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фош этилган. У Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисми «г» банди (ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида Тошкент шаҳар Юнусобод туманида қўлга олинган.

 

Тергов материалларига кўра, Фарғона тумани «Шоҳимардон» маҳалласида яшовчи фуқаро Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган. Унда номаълум шахс Телеграм орқали боғланиб, ўзини “Греэн Био Фасе” МЧЖ вакили сифатида таништирган ва жабрланувчи “Омадли мижоз” лойиҳасида ғолиб бўлганини айтган. Фирибгар маиший техника харидининг 80 фоизи компания томонидан қопланишини, қолган 20 фоизини эса кўрсатилган банк картасига ўтказиш кераклигини билдирган. Жабрланувчи ушбу гапларга ишониб, 3,5 миллион сўм пул ўтказиб берган.

 

Аниқланишича, гумондор Телеграмъда “Греэн Био” номли саҳифа очиб, шу орқали фирибгарлик билан шуғулланган. Унинг телефони кўздан кечирилганда, «Лактовита» номли тиббий маҳсулот савдоси билан шуғулланувчи корхона тизими орқали 6871 нафар мижознинг шахсий маълумотларини юклаб олгани маълум бўлган. Шунингдек, у Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи фуқароларга нисбатан ҳам шу турдаги жиноятларни содир этган.

 

Қўлга олинган шахс ўз кўрсатмасида аввал сотув менежери лавозимида ишлаганини, ишдан бўшагач, мижозларга қўнғироқ қилиб, улар ютуқ қўлга киритганини айтиб, пул ўтказдириб олганини ва маблағларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаганини тан олган.

 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Ички ишлар органлари фуқароларни номаълум шахсларнинг бундай алдовларига учмасликка чақирди.

 

Қонунчиликка кўра, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик учун катта миқдорда жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика