Ижтимоий тармоқларда Тошкентда бир нечта шахслар ўзаро жанжаллашганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳолат 27 август куни Яккасарой тумани Ат Термизий кўчасида юз берган. 1997 йилда туғилган С.A. ва 1998 йилда туғилган A.Э. Траскер русумли автомашинада ўтиб кетаётган вақтида 2003 йилда туғилган С.Р., 2005 йилда туғилган Р.Г., 2005 йилда туғилган Б.Х.лар билан ўзаро тортишиб қолган. Натижада фуқаро A.Э. тахта бўлагини кўтариб, бақир-чақир қилган ва ушбу фуқаролар жамоат жойида бўла туриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жамоат тартибини бузишган. Сўнгра A.Э. ва С.A. автомашинага ўтириб, ҳодиса жойидан кетиб қолган.
Жанжал натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (“Майда безорилик”), 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) аломатлари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.


