Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 28.04.2025 йилдаги ижро варақасига асосан, қарздор фуқародан ундирувчи корхона фойдасига 189 миллион сўм қарз ундириш бўйича ижро иши 20.01.2026 йилда Мажбурий ижро бюроси томонидан иш юритувига қабул қилинди.
Мазкур иш бўйича қарздорга қонунчиликда белгиланган тартибда 15 кунлик ихтиёрий муддат берилди. Давлат ижрочиси томонидан қарздорга ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажариш орқали ортиқча харажатлар ва ҳуқуқий оқибатлардан қочиш мумкинлиги тушунтирилди.
Ижро жараёнида қарздор номида мавжуд қимматбаҳо автотранспорт воситалари — “TOYOTA LAND CRUISER PRADO” ва “MERCEDES BENZ G63 AMG” аниқланиб, уларга банд қўйилди. Бу эса қарздор учун қарзни бажармаслик мулкий йўқотишларга олиб келишини аниқ кўрсатди.
Таҳлил шуни кўрсатадики, мажбурий ижро чораларининг ўз вақтида ва қатъий қўлланилиши қарздорни суд қарорини ихтиёрий равишда бажаришга ундайди. Мазкур ҳолатда ҳам қарздор ҳуқуқий оқибатларни англаб етиб, қарздорликни тўлиқ қоплади.
Натижада суд қарори Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 41-моддаси 1-бандига мувофиқ амалда ижро этилди ҳамда ундирилган маблағлар корхона фойдасига ўтказилди.


