Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосидаги майда дисперсли заррачалар (ПМ10) миқдори ошгани кузатилмоқда. Ўзгидромет мониторинг натижаларига кўра, бунинг асосий сабабларидан бири – кескин ҳарорат алмашиши ва инверсия жараёни бўлиб, совуқ ҳаво пастда, иссиқ ҳаво юқорида қолиши натижасида заррачалар паст қатламда тўпланмоқда.
Шунингдек, ноябрь ойида ёғингарчилик деярли бўлмагани сабабли ҳаводаги заррачалар табиий йўл билан ювилмаяпти. Қуруқ иқлим ва арид жараёнларнинг кучайиши эса табиий чангланишни оширади, бу эса ПМ10 кўрсаткичининг янада кўтарилишига олиб келмоқда. Синоптиклар инверсия жараёни 24 ноябргача давом этишини прогноз қилмоқда.
Маҳаллий ҳокимиятлар ва коммунал хизматлар кўча ва йўлларни намлаш, яшил ҳудудларни суғориш ва жамоат жойларини тозалаш бўйича чоралар кўрмоқда. Ўзгидромет ҳавонинг сифатини кунига икки марта – эрталаб ва кечқурун расмий каналлар орқали эълон қилмоқда. Аҳоли табиий, вақтинчалик ва мавсумий жараёнлар ҳисобга олиниб, зарур тавсияларга риоя қилиши лозим.


