Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Тошкент кўчалари ва яшил ҳудудларда чанг ифлосланишини камайтириш мақсадида сув сепувчи машиналарни ишга туширди. Махсус машиналар йўл қопламасини ва дарахтларни суғориб, табиий чангни чўктиришга ёрдам беради ва шаҳар ҳаво сифати яхшиланади.
Шунингдек, пойтахтдаги барча фавворалар ҳам ишга туширилган бўлиб, улар 24/7 режимига ўтказилди. Уларнинг фаолияти микроиқлимни сақлашга ва жамоат жойларидаги чанг юкламасини камайтиришга ёрдам беради.
Таъкидланишича, Қўмита томонидан ҳаво ифлосланишини камайтириш мақсадида тезкор штаб тузилган бўлиб, пойтахтдаги экологик вазиятни барқарорлаштириш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу чоралар ҳавонинг тозаланишига қай даражада ёрдам бериши ҳақида тушунтириш берди.
Қайд этилишича, ҳаво ифлосланишининг асосий манбаи — PM10 ва PM2.5 ўлчамдаги майда чанг заррачаларидадир. Йўл намланганда ушбу майда заррачалар сув билан аралашиб, ерга чўкади ва атмосферага қайта кўтарилиб кетишининг олди олинади.
Автомобиллар ҳаракатланаётганда йўл юзасидаги қуруқ чанг доим кўтариб туради. Намланган йўл эса "иккиламчи чангланиш"ни сезиларли камайтиради. Халқаро тадқиқотларга кўра, бу кўрсаткич шаҳар PM чиқиндиларининг 25–40%ини ташкил қилиши мумкин.
Йўлларга сув сепиш ва яшил зоналарнинг суғорилиши ҳароратни пасайтиради. Юқори ҳароратда чанг ҳавода узоқроқ вақт сақланиб қолади, ифлослантирувчи моддалар кимёвий реакциялари тезлашади. Намлаш эса бу жараённи секинлаштиради ва заррачаларнинг тезроқ чўкишини таъминлайди.
Ифлосланишнинг юқори даврларида дарахт ва буталарни суғориш — фақат парвариш эмас, балки шаҳар табиий фильтрларини қўллаб-қувватлашдир. Ўсимликлар чангни барглари орқали ушлаб, ҳаводаги PM миқдорини камайтиради.
Йўлларга сув сепиш муаммони бутунлай ҳал қилмайди, аммо бир неча соат ичида чанг миқдорини сезиларли даражада камайтириб турадиган тезкор чора ҳисобланади.
Шу сабабли ҳокимият томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тизимли ишлар билан бир қаторда иссиқхона хўжаликларида рейдлар ўтказиш, қозонхоналарга фильтрлар ўрнатиш, экологик назоратни кучайтириш чоралари кўрилмоқда.
“Йўлларга сув сепиш ҳам шаҳарда ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган комплекс ёндашувнинг бир қисмидир”, дейилади хабарда.


