Тошкентда “Lacetti” ҳамда “Captiva” иштирокида ЙТҲ содир бўлди
Ҳодисани содир қилган фуқарога нисбатан маҳаллий қидирув эълон қилинди
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, жорий йилнинг 19 май куни соат тахминан 04:00 ларда Сергели тумани Янги Сергели ва ТХАЙ кўчалари кесишмасида жойлашган ку́прик остида давлат рақами 01 V 010 LB бўлган “Lacetti” ҳамда давлат рақами 01 G 179 NB бўлган “Captiva” русумли транспорт воситалари тўқнашуви оқибатида ЙТҲ содир бўлган. “Captiva” транспорт воситасини бошқарган номаълум шахс воқеа жойидан яширинган.
Маълумот берилишича, давлат рақами 01 G 179 NB бўлган “Captiva” транспорт воситаси 1982 йилда туғилган, Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшовчи фуқаро М.Б.га тегишли бўлиб, ҳозирда суриштирув органларидан яширинганлиги сабабли, фуқарога нисбатан маҳаллий қидирув эълон қилинган. ЙТҲга учраган транспорт воситасини ҳам топиш чоралари кўрилмоқда.
Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши айтилмоқда.


