Пойтахтнинг Учтепа туманида жойлашган "Ватан" маҳалласида мушуклар учун махсус "меҳмонхона" ташкил этилди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Таъкидланишича, мазкур "меҳмонхона" кўнгиллилар ташаббуси ва маҳалла аҳолисининг розилиги билан қурилган. “Ўзига хос "меҳмонхона“ кўча мушуклари учун иссиққина бошпана вазифасини бажариб, яқинлашиб келаётган қиш кунларида жонига оро киради”, - дейилади хабарда.
Мушуклар меҳмонхонаси "Мушуккент" лойиҳаси ва Тошкент шаҳар ИИББ ҳимоясида бўлиб, маҳаллада яшовчи болаларни жониворларга меҳрли бўлишга ўргатади, - дея қайд этди лойиҳа ташаббускорлари.
"Мушуккент" лойиҳасида ёзилишича, бошпана харажатларини Гўзал исмли кўнгилли ўз бўйнига олган. Энди у ерга кузатув камерасини ўрнатиш ҳақида ўйланмоқда.


