Тошкент вилоятида “қора дори” олди-сотдиси билан шуғулланувчи икки шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИББ хабар берди. Хабарларга кўра, “Қора дори 2024” тезкор профилактик ойлиги доирасида Тошкент вилояти ИИББ ва Бўстонлиқ тумани ИИБ тезкор ходимлари билан биргаликда ўтказилган тадбирда кўп миқдордаги синтетик гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш мақсадида олиб кетаётган шахс ушланган.
33 ёшли фуқаро M.И. текширувдан ўтказилганда унинг ёнида бўлган автомобиль эҳтиёт қисми (редуктор) ичига жойлаштирилган 12 та ўрамдаги 6 кг синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган ва далилий ашё сифатида олинган. Қайд этилишича, гиёҳвандлик воситасининг қора бозордаги тахминий нархи 4 млрд 800 миллион сўмга тенг.
Маълумотларда айтилишича, ушбу шахсга синтетик гиёҳвандлик воситалари Қирғизистон Республикасидан водий вилоятлари орқали етказиб берилган. Ҳозирда мазкур синтетик гиёҳвандлик воситаларининг манбасини аниқлаш бўйича тезкор қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар қилинди.


