Жорий йил 3 октябр куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди Олмазор туман ИИО ФМБ собиқ терговчиси, 1995 йилда туғилган С.Ж.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди.
Суд ҳужжатларига кўра, С.Ж. аввалроқ, март ойида ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) бўйича айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Янги тергов жараёнида эса унинг бошқа қилмишлари очиқланган.
Аниқланишича, 2023 йилда хизмат вазифасини бажараётган вақтида у фуқаро А.Б.га нисбатан қўзғатилган фирибгарлик иши (ЖК 168-моддаси)ни ноқонуний равишда тугатган ва А.Б. томонидан ИИВ депозитига зарар қоплаш учун киритилган 45 млн сўмни ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ўзлаштирган. Маблағ ишга алоқаси бўлмаган танишига ўтказиб юборилгани қайд этилган.
Суд қарорига кўра, С.Ж. ЖКнинг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) бўйича ҳам айбдор деб топилди. Бироқ жиноят муддати тугаганлиги сабабли у бу модда бўйича жазодан озод қилинди. Шунингдек, у ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в, г” бандлари (мансаб мавқеидан фойдаланиб талон-торож қилиш) бўйича айбли деб топилди. Ўғирланган пулларни у тўлиқ қоплагани маълум қилинди.
Аввалги ҳукм ҳам инобатга олиниб, унга 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари, 3 йил давомида ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Белгиланган жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланди.


