Тошкент шаҳрида метро йўл ўтказгичининг фасад қисмидан ажралган бўлак тўхтаб турган автомобиль устига тушди. Ҳодиса Тошкент метросининг Қўйлиқ ва Янгиобод бекатлари оралиғидаги айлана йўналишида содир бўлган.
Маълум қилинишича, йўл ўтказгич остида тўхтаб турган автомобиль механик шикастланган. Жабрланганлар йўқ.
Тошкент метрополитени матбуот хизмати хабарига кўра, ҳодисага поездлар ҳаракати жараёнида юзага келадиган табиий тебранишлар сабаб бўлган. Натижада конструкциянинг юқори қисмидан кичик гипс бўлаги ажралиб тушган.
Воқеадан сўнг, техник хизматлар томонидан ҳудуд зудлик билан кўздан кечирилиб, шикастланган фасад қисми тикланган. Шунингдек, шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мазкур йўналиш бўйлаб пардозлаш элементлари қўшимча текширувдан ўтказилган.
Метро маъмурияти муҳандислик иншоотлари мунтазам назорат қилиниши ва амалдаги хавфсизлик талабларига жавоб беришини маълум қилди. Ҳайдовчиларга йўл ўтказгичлар остида автомобилларни қолдирмаслик ва фақат белгиланган тўхташ жойларидан фойдаланиш тавсия этилди.


