Давлат хавфсизлик хизмати томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний айланишига қарши йўналишда кечиктириб бўлмас тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар Янги ҳаёт туманида истиқомат қилувчи, 1977 йилда Навоий вилоятида туғилган аёл Ф.M.нинг яшаш манзилида Фарғона водийсидан олиб келинган катта миқдордаги психотроп моддалар ноқонуний сақланаётгани ҳақида тезкор маълумотлар олинган.
Шундан сўнг Ф.M. ва унинг жиноий алоқаларини қўлга олиш бўйича ДХХ Чегара қўшинлари, Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси ҳамда ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Ҳолислар иштирокида унинг яшаш хонадонидан озиш учун мўлжалланган, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган 3 000 дона дори воситаси ҳамда тегишли ҳужжатлари бўлмаган 1,1 миллиард сўмлик ТМБ олиб қўйилди.
Ф.M. билан ўтказилган дастлабки сўров давомида 1986 йилда Наманган вилоятида туғилган маҳалладоши Д.X.нинг яшаш хонадонида ҳам катта миқдордаги психотроп моддалар мавжудлиги ҳақида кўрсатма олинган.
Тадбир давом эттирилиб, Д.X.нинг яшаш манзили ҳам кўздан кечирилди. Натижада, 17 060 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари, шунингдек 400 миллион сўмлик, 2 973 дона тегишли сифат сертификатига эга бўлмаган дори-дармонлар аниқланиб, расмий тартибда ҳужжатлаштирилди.
Ҳозирда ҳар икки фуқаронинг психотроп моддалар ва бошқа ТМБларни кимдан олгани, мазкур ҳолатга алоқадор шахсларни аниқлаш ҳамда жиноят механизмини тўлиқ очиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар давом эттирилмоқда.


