Бугун, 26 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги бинолардан бирида ёнғин юз берди. Бу ҳақида шаҳар ФВБ хабар берди.
Қайд этилишича, соат 14:54 да 112 тизими орқали Шайхонтоҳур тумани Истироҳат кўчасида жойлашган икки қаватли бинода ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 15:03 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 15:09 да ўраб олинган ва соат 15:15 да бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида бинонинг тахминан 100 квадрат метр майдонда том ва ички қисми ёниб зарарланган. Ёнғин-ўчирувчиларнинг профессионал ҳаракатлари натижасида ёнғинни кенг тарқалиши олди олинган.
Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда. Ёнғинда тан жароҳати олганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган.


