Тошкент шаҳридаги криминоген вазиятни соғломлаштириш ҳамда жиноятчиликка барҳам бериш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида Учтепа туманидаги Фарҳод кўчасида жойлашган “Автомобиль эҳтиёт қисмлари” бозорида 12 нафар шахсдан иборат жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Маълум қилинишича, ушбу гуруҳ аъзолари мижозларнинг автомобилларига уларнинг розилигисиз турли техник жиҳозлар ўрнатиб, кейинчалик ушбу хизмат эвазига бозордаги нархдан бир неча баробар юқори тўлов талаб қилишган. Жумладан, 600 АҚШ доллари баҳога тенг хизмат учун фуқаро 13 300 АҚШ доллари тўлашга мажбурланган.
Жабрланувчи ўз ҳақиқатини талаб қилганида, унга нисбатан таҳдид ва қўрқитиш йўли билан босим ўтказилган.
Яна бир ҳолатда, фуқаронинг автомашинасига розилигисиз эҳтиёт қисмлар ўрнатилиб, ундан уч баробар қиммат нархда тўлов талаб қилинган. Унга босим ўтказиш орқали 15 миллион сўм ундириб олинган.
Шунингдек, икки нафар фуқаро автомобилига эҳтиёт қисмлар ўрнатиш учун жами 70 миллион сўм пул берган, бироқ ваъда қилинган ишлар бажарилмаган.
Аниқланишича, жиноятга алоқадорларнинг кўпчилиги 1988–2002 йилларда Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган, уларнинг аксарияти илгари судланган шахслардир.
Айни пайтда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) ва 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, улар қамоққа олинган.


