Ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги хусусий боғчалардан бирида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, ёнғин аслида Миробод тумани “Миробод” МФЙ ҳудудидаги хусусий боғчанинг орқа томонидаги хонадонда бугун, 20-июн куни содир бўлган. Бу ҳақда соат 17:48 да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.
Воқеа жойига 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 17:56 да етиб бориб, соат 18:18 да ёнғин қуршаб олинган ва 18:31 да тўлиқ ўчирилган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Хонадоннинг тахминан 80 квадрат метр майдонида бинонинг томи, шифт қисми ва уй-жиҳозлари ёниб зарарланган. Ҳозирда ёнғининг келиб чиқиш сабаблари ҳамда унинг зарар миқдори аниқланмоқда.


