АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШнинг 44-президенти Барак Обама ва унинг рафиқаси Мишелни маймун сифатида тасвирланган видеони жойлаштирди. Видеода 2020 йилги президентлик сайловларидаги Трампнинг мағлубиятини рад этиш ва сохта сайлов даъволари такрорланган. Бу ҳақда ББС хабар берди.
Видеонинг охирида “The Lion Sleeps Tonight” қўшиғи билан бирга, Обама ва унинг рафиқасининг юзлари маймунларга туширилган лавҳа намойиш этилди. Ушбу пост нафақат демократ сиёсатчилар, балки айрим республикачилар орасида ҳам танқидга сабаб бўлди.
Оқ уй матбуот котиби Керолин Ливитт видеони ҳимоя қилиб, танқидни “сохта ғазаб” деб атади ва Америка жамоатчилиги диққатини ҳақиқатан муҳим масалаларга қаратишни тавсия қилди.
Видеони жойлаштиришдан кейин, собиқ президент Обама матбуот котиби орқали изоҳ бермади, аммо The NeW York Times видеони тарихий ирқчи стереотипларни давом эттирувчи лавҳа сифатида баҳолади. Сенатор Тим Скотт эса постни “энг ирқчи нарса” деб атаб, Трампни видеони ўчиришга чақирди.
Кейинчалик Трамп ўз постини ўчириб ташлади, бироқ бу ҳолат АҚШ сиёсий майдонида янги баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.


