АҚШ президенти Доналд Трампнинг таъкидлашича, унинг Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можаро бўйича эришган дипломатик натижалари Россия президенти Владимир Путин томонидан кутилмаган ҳолда юқори баҳоланган. Бу ҳақда Трамп АҚШ–Саудия Арабистони сармоявий форуми давомида маълум қилган дейди Риа новости нашри.
Трампнинг сўзларига кўра, Путин унинг мулоқот ва музокаралар орқали икки давлат ўртасидаги кескинликни юмшатишга эришганидан ҳайратдалигини билдирган.
“Ўша куни Путин менга қўнғироқ қилиб, бу масалани бартараф этганимга ишонмаслигини айтди”, — деди Трамп.
Маълумот ўрнида, 8 август куни Вашингтонда Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари АҚШ президенти иштирокида етти банддан иборат Қўшма декларация имзолаган эди. Шунингдек, икки давлат ташқи ишлар вазирлари тинчликни мустаҳкамлаш ва давлатлараро муносабатларни ўрнатишга қаратилган битим лойиҳасини парафлашган.


