Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қозоғистон маҳсулотларига 25 фоизлик бож жорий этилиши ҳақидаги хатига расмий жавоб йўллади. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг матбуот хизмати — Оқорда маълум қилди.
Хабарга кўра, Тўқаев ўз мактубида Қозоғистон АҚШнинг узоқ йиллик савдо ва инвестиция ҳамкори сифатида икки давлат ўртасида адолатли ва ўзаро манфаатли савдо муносабатларини ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлаган.
Шунингдек, Қозоғистон етакчиси савдо масалаларига оқилона ечим топиш учун конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини билдирган ва томонлар муросага эришишига ишонч билдирган.
Аввалроқ, 2025 йил 7 июль куни АҚШ президенти Дональд Трамп бир қатор мамлакатлар раҳбарларига 1 августдан кучга кирадиган янги бож ставкалари ҳақида хат йўллаган эди. Шулардан бири — Қозоғистон президенти Тўқаев ҳам мазкур рўйхатда бўлган.
Трамп мактубида Қозоғистондан олиб кириладиган айрим маҳсулотларга қўшимча 25 фоизлик божлар жорий этилиши кутилаётгани билдирилди.
Қозоғистон Савдо вазирлиги вакиллари АҚШ томонига муқобил таклифлар тақдим этганини маълум қилди. Расмийларга кўра, бож ставкалари Қозоғистоннинг АҚШга экспортининг 95 фоизига таъсир қилмайди. Хусусан, нефть, уран, кумуш, ферроқотишмалар, тантал ва титан каби асосий маҳсулотлар ушбу рўйхатга кирмайди.


