Доналд Трамп Россия-Украина урушни тугатиш бўйича янги режасини тақдим этди. Режага кўра, Россия ҳозир назорат қилмаётган ҳудудларни Украинага берилиши керак. Бунинг эвазига АҚШ Украина ва Европани келажакдаги Россия тажовузларидан ҳимоя қилиш бўйича хавфсизлик кафолатларини тақдим қилади. Бу ҳақда бевосита жараёндан хабардор бўлган АҚШ ҳукуматидаги манбаларига таяниб “Axios” хабар қилди.
Украина ва унинг тарафдорларига кўра бу режа Россия фойдасига ён босиш ҳисобланади. Оқ уй позициясича, агар уруш давом этса Украина бу ҳудудларни барибир йўқотади.
“Шунинг учун Украина манфаатларидан келиб чиқиб, келишувга рози бўлиш керак”, - дейилади Оқ уй баёнотида.
Ҳозиргача Украина бўйича музокараларда уруш қандай якунланиши, якунланган тақдирда ҳам қайси ҳудуд кимнинг назорати остида қолиши ва келажакда Россия яна урушни қайта бошламаслиги катта сўроқ остида қолмоқда.
Трампнинг 28 банддан иборат режаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
Россия Луганск ва Донетск устидан тўлиқ де-факто назоратга эга бўлади (умумий номи — Донбасс), гарчи Украина ҳозирча ушбу ҳудудларнинг 14,5 фоизини назорат қилиб турган бўлса ҳам (Урушни ўрганиш институти таҳлилига кўра).
Украина қўшинларини олиб чиқадиган Донбасс ҳудудлари демилитаризация қилинган зона деб эълон қилинади ва Россия бу ерга қўшин жойлаштиролмайди.
Херсон ва Запороже вилоятларида ҳозирги фронт чизиғи асосан музлатиб қўйилади, Россия айрим ерлардан қайтиши мумкин — бу музокарага боғлиқ.
Эътиборли жиҳат: Режага кўра, АҚШ ва бошқа давлатлар Қрим ҳамда Донбассни Россиянинг қонуний ҳудуди сифатида тан олади, бироқ Украинадан буни тан олиш талаб қилинмайди.
Украина расмийсининг айтишича, режа Украина армияси сонига ва узоқ масофага мўлжалланган қуролларига чеклов қўйишни ҳам ўз ичига олади — бунинг эвазига АҚШ хавфсизлик кафолатлари таклиф этилмоқда. Украина расмийси, шунингдек, Донбасс бўйича ҳудудий ён беришлар режа таркибида борлигини ҳам тасдиқлаган.
АҚШнинг хавфсизлик кафолатлари айнан нималарни ўз ичига олиши ҳозирча номаълум, фақат Россиянинг келажакдаги тажовузига қарши мудофаа ваъдасидан иборат экани айтилган.
Жараён ҳақида бевосита хабардор икки манбага кўра, Қатар ва Туркия Трампнинг янги режасини тайёрлаш ва АҚШ воситачилигини қўллаб-қувватлашда иштирок этмоқда.
“Қатар ва Туркия воситачилиги Ғазодаги урушни якунлашда ёрдам берди. Худди шу воситачилик Украинадаги урушни тугатишда ҳам ёрдам бериши мумкин”, — дейди манбалардан бири.
Манбага кўра, ўтган ҳафта Трамп элчиси Стив Виткофф ва Украина Президенти Володимир Зеленскийнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Рустем Умеров ўртасидаги учрашувда Қатар юқори мартабали расмийси ҳам қатнашган.
Бевосита жараёндан хабардор манбанинг айтишича, Умеровга Зеленский томонидан Виткофф билан музокаралар олиб бориш учун ваколат берилган ва унинг кўплаб фикрлари 28 бандлик режа матнига киритилган.
Манбага кўра, музокараларда муҳим келишувлар ҳам мавжуд бўлган.
Украина расмийси Зеленский Умеровни АҚШ режаси бўйича оғзаки хабардор бўлиш учун юборганини тасдиқлади, бироқ Умеров Виткоффдан ҳеч қандай ёзма таклиф олмаганини айтди. Украина расмийси, шунингдек, Зеленскийнинг маслаҳатчиси музокараларда режа шартларини қабул қилмаганини ва Украина кўплаб бандларга қарши эканини таъкидлади.
Виткофф Умеров билан учрашувдан аввал Россия вакили Кирилл Дмитриев билан ҳам режани кенг муҳокама қилган.
Трамп режасининг айрим тафсилотлари илк бор Financial Times томонидан ёритилган.
Туркиянинг Трамп тинчлик ташаббусини қўллаб-қувватлашидан келиб чиқиб, Виткофф чоршанба куни Анқарага бориб, Зеленский ва Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан билан уч томонлама учрашув ўтказишни режалаштирганини АҚШ расмийси маълум қилган.
АҚШ вакилининг айтишича, учрашув Зеленский Умеров орқали эришилган келишувлардан орқага чека бошлагани ва Трамп режаси бўйича мулоқотга қизиқмаётгани маълум бўлгач, қолдирилган. Расмийнинг фикрича, Зеленский Анқарага Европа давлатлари билан биргаликда ишлаб чиқилган ва Россия ҳеч қачон қабул қилмайдиган бошқа режа билан кетган.
Украина расмийси эса учрашувнинг қолдирилишини Зеленский музокарани Европа давлатлари иштирокидаги кенгайтирилган форматда ўтказишни сўрагани билан изоҳлаган.
Яна бир АҚШ расмийси Украинада Зеленскийнинг яқин маслаҳатчиларидан айримларига қарши коррупция тергови билан боғлиқ ички сиёсий можаро ҳам учрашувнинг қолдирилишига сабаб бўлганини айтди.
Расмийга кўра, Трамп Виткоффга Анқарада Зеленский билан келишувга эришишга уриниши бўйича тўлиқ ваколат берган ва учрашувни бекор қилиш қарорини қўллаб-қувватлаган.
“Биз энди кутамиз. Қарор энди Зеленскийнинг қўлида”, — деди АҚШ расмийси. Унга кўра, Зеленский истаса, янги АҚШ режасини муҳокама қилиш учун Вашингтонга келиши мумкин.


