АҚШ президенти Доналд Трампнинг Гренландия бўйича баёнотлари ва таҳдидлари фонида НАТОга аъзо Европа давлатларининг илк ҳарбий бўлинмалари оролга етиб келди. Бу ҳақда Bild нашри хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 15 январга ўтар кечаси Дания ҳарбий хизматчиларини олиб кетаётган Hercules русумли ҳарбий самолёт Гренландия пойтахти Нуук яқинида жойлашган Дания Қуролли Кучлари қўмондонлик марказига қўнган. Самолёт бортида франциялик офицер ва аскарлар ҳам бўлган.
Шу билан бирга, оролнинг ғарбий қисмидаги Кангерлуссуақ ҳудудига Данияга тегишли яна бир ҳарбий вертолёт қўнгани хабар қилинди. Қайд этилишича, ҳар иккала ҳаво кемаси парвоз вақтида идентификация тизимларини ўчириб қўйган.
Манбаларга кўра, яқин кунларда Германиядан 13 нафар ҳарбий хизматчи икки кунлик разведка миссияси доирасида Гренландияга етиб келиши режалаштирилган. Шунингдек, Швеция ва Норвегия ҳам оролга қўшин юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Таъкидланишича, ушбу миссия НАТОнинг расмий тузилмалари орқали эмас, балки бевосита Копенгаген томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Қўшма Штатлар мазкур жараёнда иштирок этмаяпти. Ҳарбий бўлинмаларни жойлаштириш бўйича тайёргарлик Трампнинг сўнгги баёнотларидан кейин бошланган бўлиб, жараён махфий тарзда олиб борилмоқда.
Миссиянинг асосий мақсади — минтақавий хавфсизликни таъминлаш масаласида Данияга ҳарбий кўмак бериш имкониятларини баҳолашдир. Қайд этилишича, биринчи бўлинмалар Дания, Гренландия ва АҚШ ўртасида Оқ уйда ўтказилган музокаралар самарасиз якунланганидан сўнг оролга юборилган.


