Президент томонидан «Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон имзоланди.
Ҳужжатга кўра, транспорт соҳасидаги айрим функциялар хусусий секторга ўтказилмоқда. Жумладан, Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт назорати инспекцияси ташкил этилмоқда. У автомобиль, темирйўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалиги соҳаларида назорат функцияларини амалга оширади. Инспекция қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- автомобилда юк ва йўловчи ташиш, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ҳамда йўл хўжалиги соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чораларини қўллаш;
- автотранспорт воситасида юк ва йўловчилар ташиш қоидаларининг бузилиши аниқланганда, автотранспорт воситасини юк ва йўловчи ташишни назорат қилиш бўйича постларда текшириш учун тўхтатиш.
Бундан ташқари, ҳужжат билан қуйидаги назорат тадбирларини бизнес-омбудсманнинг рухсатисиз, уни хабардор қилмасдан, «хавфни таҳлил этиш» тизимини қўлламаган ҳолда (молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда) амалга оширишга рухсат этилмоқда:
- Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиасияси агентлиги томонидан фуқаро авиасияси ташкилоти ва корхоналарида парвозлар хавфсизлигига риоя этилиши юзасидан Халқаро фуқаро авиасияси ташкилотининг стандартларида белгиланган режали ва тўсатдан текширувлар ўтказиш;
- Транспорт назорати инспекцияси томонидан автомобил транспортида юк ва йўловчиларни ташиш қоидаларига риоя этилишини ташиш жараёнида рейдлар ўтказган ҳолда назорат қилиш.
Транспорт назорати инспекцияси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилиб, «хавфни таҳлил этиш» тизимини қўлламаган ҳолда темир йўл транспортида ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги, юк ва йўловчиларни ташиш қоидалари ҳамда йўл қурилиши объектларида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши бўйича текширувларни утказади.


