2021 йил 25 ноябрь куни Турин политехника университети дарвозаси ёнида 18 ёшли икки йигит ўртасидаги жанжал оқибатида бир талаба йигит ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Суд-тиббий экспертизаси маълумотига асосан, талабанинг ўлимига бош мия ёпиқ жароҳати, мия ости пардалари ва мия тўқималарига қон қуйилиши жароҳати сабаб бўлган.
Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (одам ўлимига сабаб бўлувчи қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганди. Мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида кўриб чиқилди.
Аниқланишича, суд мажлисида судланувчи аввал Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноий жавобгарликка тортилган.
Айбланувчи Жиноят кодексининг 104-моддаси (одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.


