Туркиянинг нуфузли оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга бўлиб ўтадиган расмий ташрифи ҳақида кенг қамровли материаллар эълон қилди.
Хусусан, “Hurriyet”, “Sabah” ва бошқа етакчи нашрларда ташрифнинг сиёсий ва амалий аҳамияти алоҳида таъкидланган.
Нашрларда қайд этилишича, ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркия етакчилари Истанбул шаҳрида очилиши режалаштирилган илк ўзбек мактабига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этиши кутилмоқда.
Шунингдек, 2023 йилда юз берган ҳалокатли зилзиладан сўнг Хатай вилоятида Ўзбекистон кўмагида барпо этилган “Ўзбекистон маҳалласи”нинг тантанали очилиш маросими ҳам режалаштирилган.
Ташриф чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг анъанавий йўналишлари билан бир қаторда “Ўрта коридор” лойиҳасини ривожлантириш, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, минтақавий барқарорлик ҳамда Турк дунёсининг интеграцияси масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Турк нашрларининг баҳолашича, мазкур расмий ташриф Ўзбекистон–Туркия стратегик шериклигининг бугунги даражасини намоён этиш билан бирга, икки давлат муносабатларининг истиқболдаги ривожига муҳим туртки беради.


