Туркияда ўтган йили ҳаво ифлосланиши сабабли 62 минг киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда “Temiz Hava Hakkı” платформаси маълумот берди. Тадқиқотларга кўра, мамлакатнинг энг ифлос ҳавога эга ҳудудлари сифатида Иғдир, Эрзинжан ва Кутаҳя шаҳарлари қайд этилган.
Пойтахт Анқара ҳамда Истанбулда ҳаво сифати “ҳассос” даражада деб баҳоланди — яъни хаво меъёрдан ошган, аммо танқидий даражага етмаган. Мутахассислар бу ҳолатни фақат аҳолининг соғлиғига эмас, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам катта зарар келтираётганини таъкидламоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, Туркия йилига 138 миллиард долларгача иқтисодий йўқотиш кўрмоқда.
Экологлар фикрича, агар ҳаво ифлосланиши даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсия этган меъёрларга туширилса, ҳар йили камида 60 минг нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлар эди.
Мутаҳассислар Туркия ҳукуматидан ҳаво ифлосланишига қарши қатъий чоралар кўриш, саноат чиқиндиларини камайтириш ва соғлом атроф-муҳитни таъминлаш бўйича амалий қадамлар ташлашни талаб қилмоқда.


