Туркиянинг Аланя шаҳрида жойлашган Asrin Beach меҳмонхонасида рўй берган ёнғин оқибатида 622 нафар меҳмон зудлик билан эвакуация қилинди.
Ёнғин пайшанба куни кечаси меҳмонхонанинг ер тўла қисмида, аниқроғи, сауна ва кир ювиш хонаси жойлашган ҳудудда бошланган. Дастлабки терговга кўра, ёнғинга нотўғри ётқизилган электр симлари сабаб бўлган.
Воқеа жойига 10 та ёнғин экипажи ва тиббий бригадалар етиб келган. Ёнғин бир соат ичида назоратга олиниб, тўлиқ ўчирилган. Аланя мери Усмон Тарик Öзçэлик собиқ Twitter (ҳозирги Х) саҳифасида шундай деб ёзди: “Ёнғин тезкор ва мувофиқлаштирилган тарзда бартараф этилди”.
Тутундан зарар кўрган бир неча сайёҳга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган, уларнинг уч нафари — астма касаллигидан азият чекаётган беморлар — эҳтиёт чораси сифатида касалхонага юборилган.
Меҳмонлар вақтинча бошқа меҳмонхоналарга кўчирилган.
Аланя ҳокимлиги вакиллари воқеа юзасидан қуйидаги муҳим тафсилотни ҳам ошкор қилди: 22 апрель куни Asrin Beach меҳмонхонасида зарурий лицензиялар йўқлиги аниқланиб, бинога муҳр қўйилган эди. Бироқ, суд қарори билан меҳмонхонанинг ёпилиши вақтинча кечиктирилган. Шаҳар ҳокимлиги бу қарорга нисбатан апелляция шикояти берган.
11 июнь куни меҳмонхона расмийлари муҳрланиш тўғрисида расман хабардор қилинган ва уларга меҳмонларни бошқа жойга кўчириш учун муддат берилган.


