Туркияда ўзбекистонлик сайёҳлар ва мигрантлар орасида ўғрилик ҳолатлари кузатилаётгани сабабли, Истанбулдаги Бош консулхона фуқароларга фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш бўйича расмий тавсияларни эълон қилди. Расмий маълумотда айтилишича, шахсий буюмлар — паспорт, телефон, банк карталари ёки нақд пул ўғирланган заҳоти фуқаро энг аввало хавфсизлик чораларини кўриб, йўқолган буюмлар рўйхатини тузиши ва банк карталарини дарҳол блоклаши лозим.
Консулхона маълумотига кўра, ҳодиса содир бўлганидан кейин 1–2 соат ичида 112 ёки 155 рақамлари орқали полицияга хабар бериш, энг яқин бўлимга бориб расмий баёнот топшириш талаб этилади. Паспорт ёки бошқа муҳим ҳужжатларнинг ўғирланиши ҳолатида фуқаро зудлик билан Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ёки Истанбул Бош консулхонасига мурожаат қилиши керак. Шунингдек, Туркия қонунчилигига мувофиқ, 48 соат ичида Миграция идорасига ҳужжатлар йўқолгани ҳақида маълумот бериш мажбурий ҳисобланади.
Ҳуқуқий жараён Туркия Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан прокуратура томонидан кўриб чиқилади ва одатда 3 ойдан 6 ойгача давом этади. Фуқаролар таржимон, давлат ҳисобидан адвокат, суд жараёнида иштирок этиш ҳамда моддий зарар бўйича компенсация талаб қилиш каби ҳуқуқларга эга. Консулхона фуқароларга гавжум жойларда ҳушёр бўлиш, қимматбаҳо буюмларни кўз-кўз қилмаслик ва меҳмонхона сейфларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда.


