Туркиянинг Эрзинжон вилоятидаги олтин конида тупроқ кўчиши юз берди. Туркия Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 14:00 атрофида содир бўлган. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Эрликая кондаги 667 ишчидан “9 нафари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”лигини айтган. Уларни қидиришга 600 та техника ва 827 киши жалб қилинган.
"Одамлар тупроқ остида қолган бўлиши мумкин, уларнинг сони ҳали номаълум", — дейди вилоят губернатори Ҳамза Айдогду.
Туркия адлия вазири Йилмаз Тунчнинг таъкидлашича, ҳодиса юзасидан маъмурий тергов бошланган ва уни тўрт нафар прокурор олиб бормоқда. Кўчки содир бўлган Чеплер кони Эрзинжон вилоятининг Илич шаҳридан саккиз километр узоқликда жойлашган.


