Туркиянинг Хатай вилоятида зилзиладан жабр кўрган оилалар учун “Ўзбекистон маҳалласи” номли замонавий турар жой мажмуаси қурилиши якунланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Табиий офатдан сўнг Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Туркияга инсонпарварлик ёрдамини йўллаган давлатлар қаторидан жой олди. 2023 йил февраль–март ойларида Хатай вилоятида 60 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи махсус техника билан вайроналарни тозалаш ва қутқарув ишларида иштирок этган эди.
Жабрланган аҳолига кўмак бериш доирасида Ўзбекистон ҳукумати ва Туркиянинг оммавий уй-жой қурилиши агентлиги (ТОКИ) ҳамкорлигида Хатай вилоятининг Арсуз туманида “Ўзбекистон маҳалласи” турар жой мажмуаси барпо этилди. Ўрта ер денгизи соҳилида жойлашган мажмуа 2,2 гектар майдонни эгаллаб, 306 хонадондан иборат 24 та турар жой биносини ўз ичига олади.
Хонадонлар тўлиқ ички пардоздан чиқарилган бўлиб, сув ва электр таъминоти тизимлари, қуёш панеллари орқали сув иситиш ускуналари ҳамда зарур маиший техникалар билан жиҳозланган. Шунингдек, болалар ва спорт майдончалари, автотураргоҳлар ва дам олиш ҳудудлари барпо этилган.
Мазкур мажмуа Туркияда бунёд этилаётган 45 гектарлик янги шаҳарчанинг бир қисми ҳисобланади. Ушбу ҳудудда масжидлар, мактаблар ва бошқа ижтимоий объектларни ўз ичига олган жами 270 та бино ва 3093 та хонадон қурилиши режалаштирилган. “Ўзбекистон маҳалласи” эса икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва ўзаро ҳурматнинг ёрқин тимсоли сифатида эътироф этилмоқда.


