1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

“Тушдан саҳнага: Ширин Абдуллаева руҳи билан яратилган асар”

16 январь куни Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, марҳума истеъдодли санъаткор Ширин Абдуллаева хотирасига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

“Тушдан саҳнага: Ширин Абдуллаева руҳи билан яратилган асар”

 

2026 йил 16 январь куни Ўзбекистон композиторлар уюшмаси биносининг концерт залида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, марҳума истеъдодли санъаткор Ширин Абдуллаева хотирасига бағишланган “Тугалланмаган қўшиқ” номли хотира кечаси бўлиб ўтди.

 

     

 

Мазкур тадбир миллий маданиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган ёш ижодкорнинг ёруғ хотирасини ёд этиш, унинг бой ижодий меросини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди. Хотира кечаси Ўзбекистон композиторлар уюшмаси ташаббуси билан ўтказилиб, унда ижод аҳли, санъатшунослар, давлат ва жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

 

Тадбир Ширин Абдуллаеванинг ҳаёти ва ижодига бағишланган кириш сўзи билан очилди. Шундан сўнг Ўзбекистон композиторлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев марҳума санъаткор асарларининг яратилиш тарихи, бадиий қиймати ва уларнинг замонавий мусиқада тутган ўрни ҳақида сўз юритди.

 

     

 

Кечада алоҳида таъсирли лаҳзалардан бири Рустам Абдуллаев томонидан сўзлаб берилган руҳий ва ижодий хотира бўлди. Унинг айтишича, Ширин Абдуллаева бир кеча унинг тушига кириб, най чалган. Ана шу най оҳанги композитор қалбида чуқур таъсир қолдирган ва айнан шу мусиқий ғоя асосида Рустам Абдуллаев ушбу кечада янграган куйни шахсан ўзи басталаган. Бу асар хотира кечасида илк бор ижро этилди ва томошабинлар томонидан катта ҳаяжон билан қарши олинди.

 

       

 

Хотира кечасида марҳуманинг оила аъзолари, устозлари томонидан самимий хотира сўзлари айтилди. Жумладан, онаси қизининг бетакрор истеъдоди ҳақида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлади:

“Ширин ажралиб турадиган, юракка сиғмайдиган куч ва энергияга эга эди. У бир вақтнинг ўзида турли соҳаларни олиб кетар, нима талаб қилинса, шунга яраша энг яхшисини қилишга ҳаракат қиларди.”

 

Ширин Абдуллаеванинг ижодий салоҳиятига доир яна бир қатор ёрқин мисоллар келтирилди. Хусусан, Хитойда ўтказилган байрам тадбири учун унга қисқа муддат ичида 8 та турли халқ тилида қўшиқ тайёрлаш вазифаси қўйилган бўлиб, у бу масъулиятли ишни 15 кун ичида муваффақиятли бажарган. Шунингдек, унинг ҳар бир қўшиғи саҳнада рақс билан уйғун ҳолда ижро этилгани, мусиқа, ҳаракат ва образ бир бутун санъат асарига айлангани таъкидланди.

 

Кеча якунида Ширин Абдуллаева хотирасига нисбатан умумий эҳтиром ифодаланиб, унинг миллий санъатимизда қолдирган ёруғ изи абадий экани таъкидланди.

 

     

 

Маълумот ўрнида: Ширин Абдуллаева 2005 йилда туғилган. Қисқа, аммо мазмунли ижодий фаолияти давомида у қўшиқчи ва ижодкор сифатида кенг эътирофга сазовор бўлган, қатор машҳур қўшиқлари ва халқаро ижодий лойиҳалардаги иштироки билан мухлислар меҳрини қозонган. 2023 йилда санъат соҳасидаги ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. Афсуски, истеъдодли санъаткор 2025 йилда 19 ёшида вафот этган.

 

“Тугалланмаган қўшиқ” хотира кечаси Ширин Абдуллаеванинг санъатга бағишланган ҳаёти, унинг сўнмас истеъдоди ва миллий маданиятимизда қолдирган бебаҳо меросига бўлган чуқур эҳтиром ифодаси сифатида ўтди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика