Украина Президенти Владимир Зеленский Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон ас-Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва мулоқотни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарлари 19 май куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган икки томонлама учрашув чоғида бошланган мулоқот давоми сифатида Украина ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилган.
Зеленский, шунингдек, 5 август куни Саудия Арабистонида Украина Тинчлик формуласининг асосий тамойиллари бўйича миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар ва жаҳон ташқи ишлар идоралари сиёсий директорларининг иккинчи учрашуви муваффақиятли ўтганини таъкидлади.
Маълумот ўрнида, 5-6 август кунлари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия каби 42 давлат иштирокида давлат раҳбарларининг Жаҳон формуласи бўйича маслаҳатчилари йиғилиши бўлиб ўтди. Россия саммитга таклиф қилинмади.


